Тадбирда РШТЁИМ директори проф. Д.А.Алимов сўзга чиқди. Сўзини бошида у РШТЁИМ жамоасини самимий табриклаб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихи ҳақида сўз юритди.
Маълумки, Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради. Мамлакатимиз Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди. Олий Кенгаш сессиясига муҳокама қилиш учун киритилган Конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгариш ва қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди. Депутатлар томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартишлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди.
Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди. Шундай қилиб, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.
Маъруза давомида проф. Д.А.Алимов куни кеча бўлиб ўтган тантанали тадбирда айтилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг табрик нутқидан тегишли қисмларини келтирди. Бу кунга қадар эришилган прогрессив ютуқларни санаб ўтиб, соғлиқни сақлаш соҳасидаги устивор йўналишларда алоҳида урғу берилди.
Яна бир бор таъкидланди-ки, Асосий Қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этган. Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.
Сўзни якунида проф. Д.А.Алимов олий жаноб касбида фидокорона ва виждонан ишлаб келаётган РШТЁИМдаги барча жамоа аъзоларини яна бир бор самимий табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик ва оилавий ҳотиржамликни тилаб қолди.