“Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари: Шошилинч тиббий ёрдамдаги инновациялар” мавзусида ХVII Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам хизмати ташкил этилганининг 21 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган анжуманда ўтган даврда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари таҳлил қилиняпти.
Шошилинч тиббий ёрдам хизмати мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги алоҳида ва йирик ташкилий тузилма ҳисобланади.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги 13 филиали ҳамда 181 та субфилиалида аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул, сифатли ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Биргина РШТЁИМнинг 53 та клиник бўлим ҳамда таркибий бўлинмаларида бугунги кунда ўнлаб турли юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажариляпти.
Наманган вилоятида ўтказилаётган бу галги анжуманда тизимда янги технологиялар жалб этилиши натижасида жарроҳлик ва кардиология, педиатрия ва токсикология, оғир шароитларда барча турдаги жароҳатларни даволаш ва диагностика жараёнларида самара бераётгани қайд этилди.
Конференцияда Америка, Европа ва Осиёнинг 16 мамлакати, жумладан, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Руминия, Черногория, Беларусь ва Россиядан 90 дан ортиқ эксперт иштирок этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


