Бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда. Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини исташмоқда. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис “Соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур.
Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир” деган эди муҳтарам президентимиз. Ҳурматли Президентимизнинг ПҚ-5254-сонли қарори ижросини бажариш йўлида Республика бўйича мамлакатимизнинг етук билим-тажриба ва малакага эга бўлган мутахассислари томонидан трансплантация амалиётлари мувоффақиятли амалга оширилмоқда.
Тошкентлик бир гуруҳ трансплантолог мутахассислар томонидан РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассислари иштирокида буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти 6 соат давомида муваффақиятли ўтиб, кўчирилган буйрак ўз фаолиятини бошлади. Операция амалиёти бажарилганлардан бири 26 ёшли бемор Соҳиб Жўраев ҳисобланади. 57 ёшли тоғаси Ўктам Рафиқов унга донор бўлди. Реципиент ва донорнинг аҳволи қониқарли, тиббий меъёрий талабларга мос. Уларнинг соғлигидаги ижобий ўзгаришлар сабаб уйига жавоб берилди. Беморнинг оила аъзолари ва яқинлари қувончи чексиз.
Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш самараси ўлароқ ҳозирги кунда оғир дардга чалинган, доимий даволаниш курсларини олиб юришга мансуб гуруҳлар қаторига кирувчи беморлар, ватандошларимиз ўз она юртида шифо топиш бахтига эришмоқдалар.
РШТЁИМ Бухоро филиали Ахборот хизмати


