Ҳар йили юртимизда 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кўтаринки руҳда нишонланади. Бироқ кичкинтойлар орасида ушбу шодиёна кун қувончидан бебаҳра ўғил-қизлар ҳам йўқ эмас.
Ана шундай мурғак болажонлар қалбига шодлик улашиш мақсадида бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда марказнинг болалар бўлимида даволанаётган кичкинтойларга эртак ва мультфильм қаҳрамонлари иштирокида саҳналаштирилган байрам дастури намойиш этилди. Шунингдек, тадбирда янграган қувноқ куй-қўшиқ ва рақслар, қизиқарли ўйин ва томошалар болаларга бир олам завқ улашди.
Тадбир сўнгида жажжи беморларга совғалар топширилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази болалар мажмуасида 2 ойликдан 18 ёшгача бўлган беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади. Мазкур бўлим 220 ўринга мўлжалланган бўлиб, хирургия, нейрохирургия, травматология, педиатрия йўналишларини ўз ичига олади.
Хусусан, соматик ва хирургия, реанимация бўлимлари ҳамда опер блок юқори технологияли замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
Айни кунда бу ерда шошилинч тиббий хизматга муҳтож 194 нафар бемор, хусусан, автоҳалокат, маиший жароҳатлар, ўткир хирургик касалликлар, талваса хуружлари, пневмония, нафас, юрак-қон томир етишмовчилиги, кома, шок ва заҳарланиш билан боғлиқ хасталикларга чалинган болажонлар даволанмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


