Онам: "Амакингга ким жигарини беради”, деди...
Жигар кўчириб ўтказиш амалиёти бугун биз учун ҳам оддий воқеликка айланиб боряпти. Дарҳақиқат, охирги вақтларда тиббиёт муассасаларимизда шу турдаги операциялар тез-тез ўтказилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Хусусан, шу кунларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ҳиндистонлик шифокорлар ҳамкорлигида 2 та трансплантация амалиётини ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, биринчиси кеча муваффақиятли уддаланди.
Оққўрғонлик Шодиёр Мусурмонов бир неча йилдан буён шу дарддан азият чекиб келаётган эди. Жигар кўчириб ўтказиш ўзимизда йўлга қўйила бошлагани унинг жонига оро кирди.
Донор топиш ҳам муаммо бўлмади. Ўз жигари — марҳум акасининг ўғли Муҳиддин Ғаниев буни ўз бўйнига олди.
Муҳиддин операциядан олдин бу ҳақда шундай гапириб берди: “Отам вафот этгач, амаким бизга ҳар тарафлама қарашиб келмоқда. Шунинг учун унинг бошига иш тушганида, ўз ҳолига ташлаб қўя олмасдик. Онам бир куни бизни йиғиб: “Амакинг учун ким жигарини беради”, деди. Ўшанда бунга мен рози бўлдим. Текширув натижасида ҳаммаси мос келиши аён бўлди. Ёрдам бераётганимдан хурсандман. Тез кунларда иккимиз ҳам оёққа туриб оламиз, деган умиддамиз”.
Ҳалигина айтиб ўтилганидек, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якун топди. Айни чоғда оққўрғонлик ака-укалар шифокорлар назоратида ўзларини яхши ҳис этишмоқда.