“Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори асосида 2022 йил якунига қадар мавжуд шифо ўринлари ва штат бирликлари доирасида:
Марказий туман (шаҳар) шифохоналаридаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидаги шифо ўринлари педиатрия, терапия ва хирургия бўлимлари таркибига ўтказилиб, беморларни оғирлик даражаси бўйича саралайдиган (триаж) туну-кун ишлайдиган шошилинч қабул бўлимлари;
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда барча туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида шошилинч қабул бўлимлари;
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 1-сон, Яшнобод туманидаги 4-сон, Юнусобод туманидаги 7-сон шаҳар клиник шифохоналари ҳамда Учтепа туманидаги шаҳар тез ёрдам шифохонаси таркибида алоҳида юридик мақомга эга бўлмаган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилади.
Шунингдек, Республика тез тиббий ёрдам маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, уларнинг ҳудудий филиаллари ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизматларни пуллик асосда ташкил этишга рухсат берилади.
Янги ташкил этилаётган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини жиҳозлаш учун Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда COVID-2019 коронавируси инфекциясига қарши курашиш бўйича шошилинч чораларни кўриш” лойиҳаси доирасида иқтисод қилинган маблағлар йўналтирилади.
Қарорда белгиланишича, 2022 йил 1 сентябрга қадар шошилинч қабул бўлимларининг янгиланган штат нормативлари тасдиқланади. 2022 йил 1 декабрга қадар марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шифо ўринлари фонди аҳоли сони ва касалликлар йўналишларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилади.


