⚡️Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази болалар қабул бўлимига келаётган минглаб кичик ёшли беморларни атиги икки нафар шифокор қабул қилаётгани, болалар навбат кутиб аҳволи оғирлашиб қолаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Дарҳақиқат, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига, айниқса, муассасанинг болалар қабул бўлимига кундан кунга мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Шу сабабли беморлар оқимини тартибга солиш, шошилинч ёрдамга муҳтож болаларни ажратиш ва уларга ўз вақтида керакли ёрдам кўрсатиш мақсадида марказда замонавий триаж (тиббий саралаш) тамойиkлари жорий этилган. Бу эса ўз навбатида беморларга тартибли ва самарали тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш имконини беради.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар келтирилган воқеалар ҳафтанинг дам олиш кунлари, яъни атрофдаги оилавий поликлиникалар ишламайдиган пайтда, шунингдек шаҳардаги қатор болалар шифохоналари мавсумий ювилиш ва таъмирлаш ишлари туфайли ёпилган вақтда олинган. Шу боис ўша кунлари муассасанинг болалар бўлимига ўртача 500 га яқин мурожаатлар бўлган.
Барча беморлар юқоридаги триаж тизими орқали ўтказилиб, улардан шошилинч ёрдамга муҳтож ва жиддий ҳолатдаги беморлар дарҳол ажратилган ва махсус “қизил” зонага, яъни шок палатасига ҳеч қандай навбатсиз ётқизилган.
Бундан ташқари, мурожаатлар сони ортган вақтда қабулдаги педиатрлар сони иккитадан бештагача оширилади. Бошқа вақтларда эса беморлар оқими анча пасаяди.
Шу билан бирга, юқорида айтиб ўтилган 500 нафарга яқин мурожаатдан фақат 20-30 фоиз беморларгина касалхонага ётқизилади. Яъни марказнинг болалар бўлимига аксарият ҳолларда бирламчи бўғинга оид сабаб ва шикоятлар билан мурожаат қилинади.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази
Матбуот хизмати


