Ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази “Болалар қабул бўлими” кириш қисмида автомашиналарнинг бетартиб жойлашгани муассасага келаётган беморлар учун турли ноқулайликлар туғдираётганига доир хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
РШТЁИМнинг педиатрия мажмуаси 220 ўринга мўлжалланган бўлиб, сутка давомида ўртача 500 нафар бемор мурожаат қилади. Фуқароларнинг 80 фоизи "Тез ёрдам" автомашинасида эмас, балки шахсий автомобилида фарзандларини марказга олиб келади.
Натижада эса “Болалар қабул бўлими” кириш қисмида тез-тез тирбандлик юзага келмоқда. Мазкур ҳолатнинг олдини олиш мақсадида муассаса маъмурияти томонидан шифохонанинг нафақат педиатрия, балки бутун марказ ҳудуди бўйлаб "Тез ёрдам" автомашиналарининг эркин ҳаракатини таъминлаш мақсадида махсус кириш ва чиқиш йўлаклари ташкил этилган.
Ҳар бир йўлак махсус тўсиқлар билан ажратилиб, тақиқланган йўл ҳаракати белгиси ўрнатилган. Бироқ шунга қарамай, муассасага келаётган аксарият фуқаролар бу ички тартибга риоя қилаётгани йўқ.
Ваҳоланки, қоидага кўра, бемор муассасага олиб кирилгач, шахсий автотранспорт воситалари марказ автотураргоҳига жойлаштирилиши ва автоулов қабул бўлими кириши қисмигача ҳайдаб борилмаслиги лозим.
Аммо кўпчилик фуқаролар аксарият ҳолларда қўриқлов хизмати ходимларининг бу борадаги тушинтиришларига бўйсунмаяпти. Бу эса муассасага мурожаат қилаётган аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Шу ўринда фуқаролардан марказнинг ички тартиб қоидаларига риоя қилишларини сўраб қоламиз. Зеро, тез ёрдам машиналари учун ажратилган йўлакларнинг вақтида бўш туриши ўта оғир беморлар учун ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради. Бу эса ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи, деб ҳисоблаймиз.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази


