⚡️Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида оғир куйиш жароҳати билан даволанаётган 15 ёшли бемор қизнинг даволаниши юзасидан амалий ёрдам сўралган хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Аниқланишича, 2008 йил 28 июлда туғилган бемор Ж.Ж. РШТЁИМнинг комбустиология бўлимида 2023 йилнинг 4 октябрь санасидан 4 декабргача “Иссиқ суюқликдан юзи, бўйни, танаси, икки қўллари ва оёқларининг II-IIIАБ даражали термик куйиши. S-90(IIIАБ-10) фоиз тана юзаси. Франк индекси - 110 бирлик” ташхиси билан стационар даволанган.
Бемор шифохонага келишидан 1 соат аввал ҳаммомда, сув қиздирадиган титан шлани отилиб, унинг устига қайноқ сув тўкилиши натижасида куйиш жароҳатини олган. Ундаги жароҳат жиддий ва умумий аҳволи ўта оғир бўлгани боис бемор дарҳол комбустиология реанимация бўлимига ётқизилиб, 2023 йилнинг 24 октябригача мазкур бўлимда, кейин эса комбустиология бўлимида даво муолажаларини олган.
Ушбу давр мобайнида беморга куйиш касаллигини комплекс даволаш муолажалари: оғриқсизлантириш, десенсебилизация, антиоксидант, антикоагулянт, инфузион терапия, трансфузион терапия (альбумин, СЗП), парентерал озиқлантириш, антибактериал терапия, глюкокортикоидлар, метаболик ва витаминотерапия, протон помпа ингибиторлари, юрак гликозидлари, седация, антигипоксант терапия, куйган яраларни маҳаллий даволаш ўтказилган.
Шунингдек, 2023 йил 23 октябрь ва 4 ноябрь саналарида беморда 2 босқичда “Кечиктирилган хирургик некрэктомия”, 24 ноябрда эса “Чуқур куйишдан кейинги грануляцион яраларга аутодермопластика” операциялари бажарилган.
Мазкур муолажалардан кейин беморнинг умумий аҳволи нисбатан яхшиланган. Шу сабабли унга реабилитация муолажалари ўтказилиши лозимлиги тушунтирилиб, уйга рухсат берилган.
Бемор Ж.Жга стационар даволаниш даврида асосий дори-дармонлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази дорихонасидан сарфланган. Стационар даволаниш шошилинч тиббий ёрдам тизими тамойиллари асосида бепул амалга оширилган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази


