Ижтимоий тармоқларда йўлда автомашина уриб юбориб, "103" хизмати орқали 16-сонли шаҳар шифохонасига олиб келинган фуқаро Ю.М.дан шифокорлар операция учун пул талаб қилгани, бемор пули йўқлигини айтганида муассаса йўлагига ҳайдаб чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Аниқланишича, жорий йил 8 сентябрь куни кечки соат 21:35 ларда 1985 йилда туғилган фуқаро Ю.М. тез тиббий ёрдам автомашинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.
Унинг сўзларига кўра, фуқаро муассасага келишдан 2 соат аввал алкоголь мастлиги фонида кўчада йиқилиб тушган. Бемор текширилиб, унга стандартга мувофиқ қуйидаги дастлабки ташхис қўйилган: Ўнг сон суяги кўстлараро ёпиқ синиб силжиши. Оёқ-қўлларнинг кўплаб шилиниши. Мастлик ҳолати (164mg/dl) MKB-10: S72.2. Қабул бўлимида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, катталар травматология бўлимига ётқизилган.
Бемор бўлимда тегишли барча тиббий текширувлардан ўтказилган. Стационар босқичда бир неча марта профессор Е.Валиев томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, унга реабилитация даврини эрта фаоллаштириш ва қисқартириш учун жарроҳлик йўли орқали даволаниш тавсия этилган.
Бироқ бемор таклиф қилинган даволаш тактикасини қатъиян рад этган. Шу боис унга кокситли гипс боғлам қўйилиб, синиш жойининг назорат рентгенографияси ўтказилган. Гипсдаги назорат рентгенограммада суяк бўлакларнинг қониқарли туриши, беморнинг операциядан бош тортиши ва унинг умумий ҳолати яхшиланишини ҳисобга олган ҳолда яшаш манзили бўйича амбулатор даволанишга юбориш учун тайёрланган.
Ижтимоий тармоқларда ушбу бемордан шифокорлар операция учун пул талаб қилгани ҳақида тарқалган хабарлардан сўнг у билан профессор Е.Валиев, бош шифокор ўринбосари Д.Пулатов, бўлим бошлиғи в.б. И. Маҳкамов ва даволовчи шифокор Ш.Тожиев биргаликда яна бир бор суҳбатлашган. Суҳбат давомида бемор бахтсиз ҳодисага учраб (номаълум автомашина томонидан уриб кетилган) жароҳат олгани аниқланган. Шундан кейин бу ҳақда дарҳол тегишли тартибда 102 хизматига хабар берилган.
Беморда синиш мавжудлиги ва жарроҳлик аралашуви учун кўрсатмалар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда жорий йил 14 сентябрь куни унда GAMMA тизимли штифт билан остеосинтез амалиёти бажарилган. Жарроҳлик амалиётидан сўнг бемор стандарт бўйича даво муолажаларини давом эттирган. Назорат рентгенограммада суяк бўлакларининг туриши GAMMA штифти билан қониқарли.
Тиббий ходимлар томонидан бемор ва унинг қариндошлари билан ҳеч қандай моддий харажатлар муҳокама қилинмаган.
Шунингдек, бемор қон билан бўялган чойшаб билан ўралган ҳолда шифохона йўлагида ётибди, деган гап-сўзлар ҳам мутлақо асоссиз бўлиб, қизил атиргул нақшли ушбу чойшаб беморнинг шахсий мулки ҳисобланади ва унда ҳеч қандай қон доғлари бўлмаган.
Бундан ташқари, фуқаро Ю.М.ни уйига олиб бориш учун ундан 450 минг сўм миқдорида пул ундирилгани ҳақидаги хабарлар келсак, бу ҳам асоссиз. Аслида клиникада беморларни уйга ташиш хизмати мавжуд эмаслиги боис унинг яқинлари фуқарони уйига олиб бориш учун такси ҳайдовчиси билан шу миқдордаги хизмат ҳақига келишган.
Бемор Ю.М.га шу йил 18 сентябрь куни амбулатор шароитда даволаниш учун уйига қониқарли ҳолда рухсат берилган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази