Ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази даволаш бўлимларида иситиш тизими яхши ишламаётгани ҳақида танқидий хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Жорий йил 21 январь куни 2008 йилда туғилган бемор М.Т. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг (РШТЁИМ) болалар жарроҳлиги бўлимига “Чап моякнинг ўткир касаллиги. Чап моякнинг буралиши” ташхиси билан ётқизилган.
Бемор белгиланган стандартлар бўйича тиббий текширувлардан ўтказилгач, дарҳол унда жарроҳлик амалиёти бажарилган. Амалиётдан кейинги давр нисбатан қониқарли ўтгани боис 28 январь куни М.Т. қониқарли ҳолатда яшаш жойи бўйича амбулатор кузатувга юборилган.
Таъкидлаш жоизки, жарроҳлик амалиёти стандарт бўйича умумий оғриқсизлантириш (эндотрахеал наркоз) остида ўтказилиб, бемор амалиёт хонасида экстубация (яъни, трахеядан сунъий нафас трубкаси олиниб), уйғониш даврига ўтказилган.
Шу пайтда унда умумий анестезиядан чиқиш чоғидаги одатий миоклоник қисқаришлар (хавфсиз титраш) кузатилган. Ушбу ҳолат бемор қариндошлари томонидан совқотиш сифатида баҳоланган ва марказ ҳодимларига эътироз билдирилган. Ваҳоланки, ўша вақтда хона ҳарорати +21 даража иссиқ бўлган (ташқари ҳаво ҳарорати -12 градусни ташкил этган).
Бундан ташқари, ёнғин ва электр хавфсизлик чоралари талабларига биноан болалар бўлимлари йўлакларида электр розеткалар тармоқдан узилган.
Шундай экан, ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу видеомурожаатдаги важлар асосга эга эмас.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази


