Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро газ чақнаши оқибатида тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилгани, бу ерда унга ҳамширалар иситиш печи олиб келиш бўйича кўрсатма бергани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Аниқланишича, жорий йил 31 январдан буён Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг комбустиология бўлимида Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Чорвоқ қўрғони, “Дўстлик” МФЙ да яшовчи 1970 йилда туғилган фуқаро Ш.Ҳ. даво муолажаларини олиб келмоқда. Ушбу ҳолат бўйича бемор ва унинг ўғли Ш.М. билан суҳбатлашилганда мурожаатда келтирилган шикоятлар ўз тасдиғини топмаган.
Шунингдек, муассаса ҳамширалари томонидан шифохонада даволанаётган ҳеч бир беморга иситиш печларини олиб келиш билан боғлиқ кўрсатма ва тавсия берилмаган.
Шундай экан, ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу мурожаатдаги важлар асоссиз эканини маълум қиламиз.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази


