Ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳовлисида беморларнинг яқинлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмагани танқид остига олинган хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
РШТЁИМ – юртимиздаги энг йирик шошилинч тиббий муасасса бўлиб, 755 койка ҳамда 114 та реанимацион ўринга эга. Шифохонага йилига ўртача 280 мингга яқин мурожаат қайд этилиб, шундан 55 минг нафар фуқарога стационар шароитда ёрдам кўрсатилади.
Марказда беморлар ва уларнинг ҳамроҳлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, ихтисослаштирилган 5 та шошилинч қабул бўлими куну-тун фаолият юритмоқда. Мазкур бўлим беморлар ҳолатининг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, 3 та функционал ҳудудга ажратилган:
Яшил ҳудуд – ўзини бошқара оладиган, умумий ҳолати қониқарли беморларга мутахассис кўруви, диагностик текширув ва муолажалар ўтказиш хоналаридан иборат.
Сариқ ҳудуд – умумий ҳолати ўзини бошқара олиши чекланган беморларга жойида текширув ва муолажа тадбирларини ўтказишга мўлжанланган.
Қизил ҳудуд – ҳаётга хавф солувчи ҳолатларда реанимацион ёрдам кўрсатиш ва текширувлар ўтказишга мўлжанланган ва жиҳозланган.
Беморларнинг ҳамроҳлари учун марказда жами 500 та ўрин ташкил қилинган. Шундан 200 ўринга мўлжанланган ўриндиқлар муассаса ҳовлисининг соя-салқин жойларида ўрнатилган.
Шунингдек, бинолар ичида кутиш учун 300 ўринга мўлжанланган ўриндиқлар мавжуд. Жумладан, марказий қабул бўлимида ўтган йили “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 1.3 млрд. сўмга 60 ўринли замонавий 2 та кутиш зали барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Мурожаатда келтирилган видеолавҳада муассаса ҳудудидаги мавжуд ўриндиқлар бўш турганига қарамасдан фуқаролар бино олди майдончасида кўрпа солиб ётгани кўрсатилиб, фуқаролар учун шароит яратилмагани ноўрин танқид қилинган. Ваҳоланки, қонунчиликка кўра, муассасада беморларнинг яқинларини ётоқ ўринлар билан таъминлаш белгиланмаган.
Шу боис ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан турли асоссиз хабарлар тарқатмасликларини сўраймиз.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази