Ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифохонасига оғир аҳволда олиб келинган беморга бирламчи кўрик ўтказмасдан рўйхатга олиш кераклиги айтилгани сабабли шифокор ва беморнинг яқинлари ўртасида жанжал келиб чиққани, масъул шифокор обод-ахлоқ қоидаларига зид равишда беморнинг яқинларидан бирини ҳақоратлагани акс этган видеолавҳа тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Аниқланишича, жорий йилнинг 30 июнь куни соат 18:55 да РШТЁИМ қабул бўлимига Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 1998 йилда туғилган фуқаро Р.Ж. кесилган жароҳат билан мурожаат қилган. Беморнинг сўзларига кўра, ўз хонадонида дераза шишасини қўли билан уриб синдириши оқибатида кесилган жароҳат олган.
Дастлабки текширув давомида унга “Чап кафт устки юзасининг кесилган жароҳати, ёзилувчи пайларнинг чуқур жароҳати” ташхиси қўйилган. Тасдиқланган стандартга мувофиқ беморнинг жароҳатига дарҳол асептик боғлам қўйилиб, қоқшолга карши инъекция қилинган. Бироқ ушбу муолажа пайтида бемор ўзини ўта агрессив тутиб, таклиф этилган инъекциядан бош тортган. Фақат қайта тушунтириш ишларидан сўнггина бунга розилик билдирган.
Муолажадан кейин унга тегишли касаллик тарихи варақаси (25932/716-сонли) очиб турилган вақтда бемор ва унинг қариндошлари мазкур ҳолатга жиддий эътироз билдириб, хизмат вазифасини бажараётган кичик тиббий ходима Ҳ.И ни асоссиз ҳақорат қила бошлаган.
Бемор 4-қават (микрохирургия ва қон-томир жарроҳлиги бўлими)га кузатилганидан сўнг, кичик тиббий ходима Ҳ.И да гипертоник криз ҳолати юзага келган ва у травмпункт бўлими йўлагида ҳушини йўқотиб, йиқилган. Шундан сўнг тиббий ходима дарҳол шок палатасига жойлаштирилиб, (артериал қон босими 190/105 мм сим. уст., пульси 100/дақ.) тегишли медикаментоз ёрдамидан сўнг 2-сон шошилинч терапия ва кардиология бўлимига ўрта оғирлик ҳолатида ётқизилган.
Ушбу ҳолат юзасидан навбатчиликда бўлган шифокор-травматолог Н.А. бемор Р.Ж.нинг яқинларига қатъий эътироз билдирган ва иккала томон бир-бирларини ҳақоратлашга ўтиб кетган. Атрофдаги ходим ва гувоҳларнинг сўзларига қараганда ҳар икки томондан ҳам бундай ҳолат кузатилган бўлса-да, бемор Р.Ж.нинг яқинлари фақат шифокор Н.Анинг сўкиниш ҳолати акс этган видеолавҳанигина тасвирга олиб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган.
Мазкур воқеа юзасидан ички ишлар органларига хабар берилиб, бирламчи суриштирув ишлари олиб борилган. Шунингдек, РШТЁИМ раҳбарияти томонидан ушбу ҳолат кескин танқид қилиниб, жамоа билан бирга, муҳокама қилинган. Мажлисда шифокор Н.А.га ҳар қандай вазиятда ҳам шифокорларга оид одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши лозимлиги тушунтирилган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази