Ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Болалар бўлимига олиб келинган беморга шифокорлар томонидан ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳақида танқидий хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Аниқланишича, жорий йил 22 октябрь куни Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшовчи 2023 йилда туғилган М.А. идиш ювишда ишлатиладиган гель воситасини ичиб юборгани сабабли ота-онаси томонидан соат 21.10 да РШТЁИМнинг Педиатрия мажмуаси қабул бўлимига олиб келинган.
Муассасага келган вақтда боланинг ота-онаси рўйхатхона ҳамширасига мурожаат қилиб, ошқозон бўйича шифокор сўраган. Ҳамшира уларнинг сўровига кўра, беморни дастлаб жарроҳ кўригига йўналтирган.
Аммо мурожаатчилар бу мутахассисга учрамасдан қайта рўйхатхона ҳамшираси олдига келиб, фарзанди идиш ювишда ишлатиладиган гель воситасини ичиб юборганини айтган.
Шундан сўнг ҳамшира беморни педиатрга кўригига олиб борган. Бемор шифокор томонидан кўрилиб, унинг ҳолати енгил даражада деб баҳоланган ва бўлим кичик тиббий ходими ҳамроҳлигида марказнинг токсикология қабул бўлимига шифокор-токсиколог кўрувига юборган.
Бемор мутахассис томонидан тўлиқ кўрилиб, “Идиш ювишда ишлатиладиган гелдан заҳарланиш. Енгил даражаси” ташхиси қўйилган. Болага биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, амбулатор даво буюрилган.
Ўрганишлардан маълум бўлдики, ота-она томонидан ҳамширага ўз вақтида тўлиқ маълумот берилмагани беморнинг болалар жарроҳи кўригига йўналтирилишига ва бунинг натижасида тушунмовчилик юзага келишига сабаб бўлган.
Ваҳоланки, ота-она томонидан рўйхатхона хамширасига боланинг ҳолати тўғрисида тўлиқ маълумот берилганида ҳеч қандай вақт йўқотилмасдан бемор қизил (шок зали) ҳудудга йўналтирилган ва шу ернинг ўзида аҳволи оғирлик даражаси ўрганилиб, биринчи ёрдам кўрсатилган ҳамда зарурат туғилганда тез тиббий ёрдам машинаси орқали керакли шифохонага юборилган бўлар эди.
Бу ерда эса шифокор педиатр беморнинг ҳолати енгил даражада эканлигини эътиборга олиб, токсиколог кўригига юборган. Беморга биринчи шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилгач, амбулатор даволанишга юборилган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази