Ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида даволаш хоналарининг етарли даражада иситилмаганидан шикоят қилинган хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) – кўп тармоқли ихтисослашган тиббиёт илмий маркази бўлиб, муассаса шошилинч тиббий ёрдамнинг барча йўналишлари бўйича, шу жумладан, катталар ва болалар учун жарроҳлик, терапевтик, педиатрик, куйиш-токсикологик ҳамда фавқулодда ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатади.
Ўтган 2024 йилда тизим муассасаларига жами 2,6 миллион нафардан зиёд фуқаро мурожаат қилиб, 21 фоиздан зиёд беморларга стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатилди.
Шуни қайд этиш керакки, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамда бўлимларида қишнинг совуқ кунлари иссиқлик режимига қатъий риоя қилинади. Хусусан, марказда Тошкент шаҳар тизими билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ишлайдиган марказлашган иситиш тизими мавжуд. Бундан ташқари, зарур ҳолларда ҳароратни сақлашга ёрдам берадиган автоном ички қозонхона ўрнатилган.
Шифохонадаги беморларнинг тўртдан бир қисми турли ёшдаги болалар бўлиб, улар иссиқлик ўзгаришига, айниқса, сезгир. Шу боис болалар биносида, шунингдек, барча ўтиш жойлари ва қабул бўлимларида қўшимча электр иссиқлик манбалари ўрнатилган. Янги барпо этилган бинода эса муқобил энергия манбаларидан фойдаланилади.
Бундан ташқари, РШТЁИМда чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда ва тез орада режалаштирилган замонавий ускуналар ўрнатилгач, ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси ички истеъмол учун йўналтирилади.
Шу боис ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз хабарлар тарқатмасликларини сўраймиз.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази