Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларида беморларга дунё стандартлари даражасида юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойида муассасага жами 130 мингдан зиёд бемор мурожаат қилган бўлса, улардан 45 минг нафардан ортиғи стационар шароитда даволаниб, саломатлигини тиклади.
— Марказимизда кардиохирургия, трансплантология ва нейро-қон томир хирургияси йўналишлари бўйича 75 ўринли янги бино барпо этилиб, тўлиқ жиҳозланди, — дейди муассаса бош директори Даврон Тўлаганов. — Шундан сўнг биргина кардиохирургия бўлимининг ўзида йилига 700 дан ортиқ кўтарилувчи аорта ва юрак клапанларини протезлаш, кўп томирли аорто-коронар шунтлаш операцияларини бажариш имконияти пайдо бўлади.
Келгусида бу ерда ўтказилаётган шундай амалиётлар турини 300 тадан икки баравар кўпроққа ошириш режалаштирилган.
Айни пайтда йилига 100 та атрофида буйрак ва жигар бўлагини кўчириб ўтказиш имконияти яратилган трансплантология бўлимида эса келгусида йилига 300 дан зиёд амалиётларни бажариш мақсад қилинган.
Нейро-қон томир хирургияси бўлимида йилига 200 дан зиёд чуқур ногиронликка маҳкум бўлган беморларда ноёб амалиётлар ўтказилади.
Интервенцион муолажалар бўлимида эса ҳар йили қўшимча 1000 дан зиёд ўткир коронар синдром, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишида кам инвазив диагностика ва даволаш муолажалари қўлланилади.
Марказ ҳудудий филиалларининг ташкилий бошқарувини такомиллаштириш мақсадида илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, туман ва шаҳар шошилинч тибиий ёрдам бўлимлари негизидаги қабул бўлимларида янги “Emergency Department” тузилмаси барпо этилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
У орқали туман даражасида барча урғу қабул бўлимига берилади, касаллик ҳолатига кўра беморлар алоҳида-алоҳида бўлимда даволаниши таъминланади.
Қолаверса, бу муассасаларда тиббий саралаш амалга оширилиб, шошилинч ва режали беморларнинг бўлимлараро ҳаракати бартараф этилади ва шу билан даволанувчилар оқимини назорат қилиш имконияти пайдо бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


