ССВ: Сўнгги икки ойда “Тез ёрдам” хизматига 1000 га яқин ёлғон чақириқ келиб тушди
Барчамиз иссиқ жонмиз. Вақт-бевақт тобимиз қочиб қолса, дарров “Тез ёрдам”га мурожаат қиламиз. Аммо баъзида “103” хизмати ходимларининг белгиланган манзилга ўз вақтида етиб бора олмаслик ҳолатлари кузатилади. Бунга эса кўпинча асоссиз ва ёлғон чақириқлар сабаб бўлади.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2022 йил январь-февраль ойларида Республика тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган 31 минг 296 та мурожаат асоссиз деб баҳоланган. Афсуски, уларнинг 922 таси ёлғон чақириқлардан иборат.
Тўғри, бу ўтган йилнинг шу даврига нисабатан қарийб 18 та кам кўрсаткич. Аммо бундай мурожаатлар сабабли инсонлар ҳаёти хавф остида қолишини инобатга олсак, уларнинг биттаси ҳам кўп.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, энг кўп ёлғон чақириқ Тошкент вилоятида қайд этилиб, бу рақам 258 тани ташкил этди. Кейинги ўринга 124 та чақириқ билан Қашқадарё вилояти жойлашган. Шунингдек, “Тез ёрдам”га Фарғона вилоятидан 119 та, Тошкент шаҳридан 107 та, Навоий вилоятидан 102 та ана шундай мурожаат келиб тушган.
Энг кам ёлғон чақириқ эса Жиззах вилояти (2 та), Қорақалпоғистон Республикаси (11 та) ва Сирдарё вилоятида (15 та) қайд этилди.
Бундан ташқари, январь-февраль ойларида “Тез ёрдам” ходимлари томонидан яна бир қанча мурожаат натижасиз чақириқ, деб баҳоланган. Жумладан, 1401 та ҳолатда манзил топилмаган, 11 минг 692 та вазиятда тез тиббий ёрдам рад этилган, 2 минг 598 та ҳолатда бемор ўз жойида бўлмаган, 5 минг 692 тасида бошқа транспорт воситасида олиб кетилган, 339 тасида эса “Тез ёрдам” ходимларига эшик очилмаган.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ўтган 2021 йилда юртимизда “Тез ёрдам” хизматига жами 194 минг 96 та асоссиз чақириқ келиб тушган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.