“Бутунжаҳон тозалик куни”ни ташкил этиш ва ўтказиш ғояси даставвал 2008 йилда Эстонияда вужудга келган. Ўша пайтда мамлакат бўйича йиғилган 50 000 нафар кўнгиллилар атроф-муҳитни чиқиндилардан тозалаш учун бир мақсад йўлида бирлашдилар. Табиийки, ушбу ҳаракат кутилган натижани берди ва йил сайин қатор мамлакатлар бўйлаб оммалашиб бормоқда. Бугунга келиб тадбир ер юзидаги 200 дан ортиқ мамлакатда алоҳида нишонланаётган йирик ижтимоий ҳаракатга айланди. Ўзбекистонда эса бу йўналишдаги амалий тадбирлар 2019 йилдан бошланди. Шундан бери ҳар йили “Бутунжаҳон тозалик куни” бутун республика бўйлаб уюшқоқлик билан ўтказиб келинаётир.
Бутунжаҳон тозалик кунини ўтказишнинг бундай тезда оммалашувига ўзига хос сабаб бор. Негаки, йилдан йилга ер юзида чиқиндилар миқдори тобора ортиб боряпти. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 2023 йилда бутун дунё бўйлаб атрофга ташланган ахлат миқдори 2,1 миллиард тоннани ташкил этган бўлса, бу миқдор 2050 йилга бориб 3,8 миллиард тоннага етиши мумкин.
Ҳозирда мазкур тадбирда дунёнинг 211 давлатидан 144 миллион нафар кўнгиллилар қатнашган бўлса-да, чиқиндилардан тозалаш зарурати бўлган ҳудудлар қамрови ҳам кичкина эмас. Демак, аввало атроф-муҳитни асраш, табиатни муҳофаза қилиш борасидаги билимларни кучайтириш, аҳолдининг экологик маданиятини юксалтириш борасидаги ишларни янада кучайтириш талаб этилади.


