Янги йил арафасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди.
Филиалда инвестиция дастури асосида республика бюджетидан ажратилган 26 миллиард 410 миллион сўм маблағ эвазига Шўртан газ-кимё мажмуасига қарашли қурилиш-монтаж ва таъмирлаш унитар корхонаси томонидан қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, қабул бўлими, куйганлар бўлими, операцион блок, қон томир жарроҳлиги бўлими ва ангиография учун иккита янги бино фойдаланишга топширилди.
-Қайд этиш зарурки, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали 2000 йилда собиқ вилоят травматология-ортопедия шифохонасининг 1980-1985 йилларда қурилган биносида ташкил қилинган эди,, - дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Дониёр Турсунов. - Ўтган давр мобайнида вилоят аҳолиси сонининг ошганлиги ва бошқа бир қатор омиллар сабабли халқимизнинг шошилинч тиббий ёрдамга бўлган талаби ҳам кескин ортди. Кейинги йилларда филиал моддий техника базасини мустаҳкамлаш борасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусан, МСКТ, МРТ, УТТ. ЭКГ, лапароскоп, рақамли рентген аппарати, гемодиализ, лаборатория жиҳозлари сингари тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Улар ёрдамида эрта диагностика ва даволашни самарали ўтказиш имкониятлари яратилди, шошилинч тиббий ёрдам тизими сифати ва самарадорлиги оширилди. 2020-2021 йилларда COVID-19 пандемияси шароитида ҳам аҳолига асосий хизмат шошилинч тиббий ёрдам тизими орқали амалга ошириб келинаётгани барчангизга яхши маълум. 2019-2021 йилларда инвестиция дастури асосида филиалда стационар даволанадиган беморлар учун янги 3 қаватли бино қурилди. Қушимча реанимация, қон томир хирургияси, автоклав хоналари, операцион блок ташкил қилинди. Айни пайтда филиалда 220 ўрин мавжуд. Даволаш ишлари буйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, нейрохирургия, хирургия, кардиология, гинекология сингари соҳаларда бир қатор юқори технологияли операциялар йўлга қўйилди.
Айни пайтда муассасада "қизил" ва "сариқ" ҳудудлардаги шок хоналари ва "яшил" йўлак бўйича шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича зарур шароитлар яратилди.


