Куни кеча мамлакатимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Қон топшир-ҳаёт инъом эт!” хайрия акциясига старт берилган эди.
Қон-бебаҳо неъмат, унинг бир томчиси бемор инсонни ҳаётга қайтариши мумкин. Ана шу эзгу мақсадда бошлаган бугунги акциямиз қанчадан-қанча оғир беморларни дарддан халос бўлишига ёрдам беради-деди соғлиқни сақлаш вазири “Эзгулик ва меҳр-мурувват айёми-Наврўзи олам” байрами арафасида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига қилган ташрифи чоғида. Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча юртдошларимизни “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” акциясида фаол иштирок этишга, беғараз донор бўлиб, ёрдамга муҳтож беморларга кўмак беришга чақирди.
Чақириққа жавобан, хайрия акцияси тадбирида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча тиббиёт муассасалари масъуллари, шифокор ва ҳамширалар фаол иштирок этиб, беғараз донор сифатида ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Маълумки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан бошланган ушбу хайрли акция шошилинч тиббий ёрдам маркази вилоят филиали ва субфилиалларини зарур қон препаратлари билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги айниқса биз учун зарурий жараён ҳисобланади.
Қувонарлиси, аксарият шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб келинадиган беморларнинг аҳволи оғир бўлгани сабабли, кўпинча уларга қон қуйиш зарурати юзага келишини яхши тушунадиган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ходимлари ҳам ушбу эзгу ишга бош қўшиб, беғараз донор сифатида қон топширмоқдалар.
Бугун РШТЁИМ Бухоро филиали ва шаҳар, туманлар субфилиалларининг юзлаб ходимлари, соҳада меҳнат қилаётган шифокор ва ҳамширалар кўнгилли равишда ушбу акцияда фаол иштирок этмоқдалар.


