“Фарзандлари соғлом юртнинг келажаги буюкдир” ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда шиддат билан ривожланаётган юртимизда тиббиётга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда. Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини исташмоқда. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис “Соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур.Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир” деган эдилар мухтарам президентимиз. Ҳурматли Президентимизнинг ПҚ-5254-сонли қарори ижросини бажариш йўлида Республика бўйича мамлакатимизнинг етук билим-тажриба ва малакага эга бўлган мутахассислари томонидан трансплантация амалиётлари мувоффақиятли амалга оширилмоқда. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда 700 дан ортиқ буйрак трансплантацияси ўтказилиб, 1300 дан ортиқ буйрак ва жигар кўчирилган реципиентлар мавжуд.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида 2022 йил 10 феврал куни навбатдаги ҳаётбахш жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 31 ёшли бемор, бир неча йилдан буён буйрак етишмовчилиги ташҳиси билан азият чекиб, гемодиализ сеанслари ёрдамида даволаниб келишга мажбур бўлган. Айни вақтга келиб ташҳис терминал босқичга ўтгани сабабли беморни ҳаётга қайтаришнинг ягона усули бу буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти ҳисобланган. Дунёнинг етакчи давлатларида кенг амалга ошириб келинаётган бу юқори технологик амалиёт кўплаб беморларни ҳаётга қайтараётгани ҳеч кимга сир эмас. Реципиент ва донор 3 ой давомида чуқур текширишлардан ўтказилган. Беморга буйрак трансплантацияси амалиёти тавсия килинган. Унга 62 ёшли отаси донор ҳисобланади.
Тошкентлик бир гуруҳ трансплантолог мутахассислар томонидан РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассислари иштирокида буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти амалга оширилди. 8 соат давом қилган амалиёт муваффақиятли ўтиб, кўчирилган буйрак ўз фаолиятини бошлади. Бемор ота ва боланинг аҳволи қониқарли бўлиб, тиббий меъёрий талабларга мос.
Илгари бундай беморлар чет эл клиникаларида иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қийналган ҳолда катта маблағ эвазига даволаниб келишга мажбур бўлишган. Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш самараси ўлароқ ҳозирги кунда оғир дардга чалинган, доимий даволаниш курсларини олиб юришга мансуб гуруҳлар қаторига кирувчи беморлар, ватандошларимиз ўз она юртида шифо топиш бахтига эришдилар


