Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Соғлиқни сақлаш вазирлигига травматизм кўрсаткичлари ва шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморлар мурожаатларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, йирик автомобил трассаларига яқин жойлашган ҳудудлардаги шошилинч тиббий ёрдам муассасалари таркибида туманлараро қўшма жароҳат ва юрак-қон томир касалликлари бўлимлари ташкил қилиш вазифаси юклатилган эди.
Мақсад — бутун дунёда, шунингдек, мамлакатимизда ҳам хасталиклар орасида етакчи ўринларни эгаллаб турган юрак-қон томир касалликлари ва шикастланишлар оқибатида юзага келаётган ўлим ва чуқур ногиронлик кўрсаткичларини сезиларли камайтириш. Маълумки, айнан шу икки йўналишдаги касалликларда тиббий ёрдам кўрсатиш муддати (тезкорлиги) ва тўлақонлилиги беморнинг ҳаётини сақлаб қолишда ва ундаги ногиронлик ҳолатларини камайтиришда ҳал қилувчи омиллар ҳисобланади.
Дарҳақиқат, дунёдаги хавфли хасталиклар рўйхатида юрак-қон томир касалликлари олдинги ўринда туради ва деярли барча мамлакатларда катта ёшдаги одамларнинг асосий ўлим сабабларидан биридир. Ушбу касалликларда рўй берадиган шошилинч вазиятларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, улар тўсатдан пайдо бўлади, қийин кечади ва беморнинг ҳаёти кўрсатилаётган биринчи ёрдамнинг тезкорлигига боғлиқ бўлади.
Бундан ташқари, турли хил жароҳатлар олинган пайтда ҳам, айниқса автоҳалокатлар содир бўлганида тез тиббий ёрдамнинг тезкорлиги муҳимдир. Бунда инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва уни ногиронликдан асраб қолишда ҳар бир сония аҳамият касб этади. Ҳар йили дунёда автоҳалокатлар туфайли 250 минг нафардан зиёд киши ҳалок бўлади ва 7 миллион нафар киши жароҳат олади. Масалан, Америка Қўшма Штатларида ҳар 15 дақиқада автоҳалокат содир бўлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, аҳолининг ёшлар қатлами (40 ёшгача)нинг автоҳалокатлардан ўлим даражаси юрак-қон томир, онкологик, сил ва юқумли касалликлардан ўлим даражаси билан бир қаторда олдинги ўринлардан бирини эгаллайди.
Шу сабабдан ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳоли сони ва географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз ҳудудларида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошида 35 та туманлараро қўшма жароҳат ва юрак-қон томир касалликлари марказлари ташкил қилинди


