Ўзи ўтирган дарахт шохини арралаётган одам тасвирини кўпчилик кўрган. Бундай кимсалар жамиятда ҳамиша қораланади, истеҳзо билан кулгига олинади. Аммо зарарли одатларга ружу қўйиб, ўз умрини хазон қилаётган ёшларнинг бундай кишилардан қандай фарқи бор?!
Тунги кафелар, ресторану барлардаги ёшларга мўлжаллаб ясатилган столлар устига разм солинг: ароғу вино, коньягу пиво шишалари қаторидан бугун энергетик ичимликлар ҳам жой олмоқда.
Тамаки тутунини бурқситиб, камига қувватбахш ичимликларни сипқораётган ака-укаларимизнинг саломатлиги эса барчамизни ташвишга солиши керак.
— Энергетик ичимликлар меъёрдан ортиқ ва сурункали истеъмол қилинса, бош мия, марказий нерв тизими, бўғимлар ва бошқа аъзоларга жиддий зиён етади, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр АЛИМОВ. — Ичимлик таркибидаги кофеин — психостимулятор модда. У вақтинчалик тетиклик ҳиссини бағишлаб, чарчоқни аритиши, ақлий фаолиятни кучайтириши мумкин, аммо маълум бир вақтдан сўнг, масалан, 1 – 1,5 соат ўтгач, инсон организмида ҳорғинлик баттар кучаяди, бош оғриғи пайдо бўлади ва нафақат ақлий, балки жисмоний фаолият ҳам сусаяди.
Бундай маҳсулотларни тез-тез истеъмол қилувчиларда кейинчалик бўғимларда оғриқлар пайдо бўла бошлайди ва маълум бир асоратларга олиб келади. Ўсмирлар ва болалар учун ҳафта мобайнида кофеин истеъмолини 60 мг.дан оширмаслик керак. Битта энергетик ичимлик таркибида эса ўртача 30 мг кофеин мавжуд.
Энергетиклар ичиш 18 ёшга тўлмаган болалар ва ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизувчи аёллар, юрак-қон томир хасталикларига чалинган ҳамда қандли диабети бор беморларга тавсия этилмайди. Бу ичимликни кўп истеъмол қилиш инсон танасидаги ҳужайра ва тўқималарга жиддий зарар етказиб, жигар, юрак қон-томир касалликларига олиб келади.


