Бугун, 22.02.2022 куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида навбатдаги илмий амалий семинар бўлиб ўтди. Семинар таклиф этилган Туркиянинг “Мемориал” клиникасининг етакчи нейрохирург-вертебрологи, профессор Онур Яман иштирокида ўтказилди.
Ўз очилиш сўзида, РШТЁИМ директори профессор Д.А.Алимов мавжуд халқаро профессионал алоқаларни янада кучайшини таъкидлаб мехмонга бутун коллектив номидан миннатдорчилигини билдирди. Маълумки, РШТЁИМ — кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлиб, у шошилинч тиббий ёрдамнинг барча йўналишлари бўйича, шу жумладан, катталар ва болалар учун жарроҳлик, терапевтик, педиатрик, куйиш-токсикологик ҳамда фавқулодда ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатади.Шошилинч тиббий ёрдам тизими соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик ва ўта кучли ижтимоий аҳамиятга эга тузилма ҳисобланади. Биргина 2020 йилда ушбу тизим муассасаларига жами 13,0 миллиондан зиёд беморлар мурожаат қилган бўлиб, шулардан 10,5 миллионга яқини тез тиббий ёрдам “103” хизмати бўйича ва 2,5 миллионга яқини стационар тузилмаларга мурожаат қилишган. 2021 йилда эса умумий мурожаатлар сони 13 миллиондан ортиқни ташкил этди, 2,5 миллиондан зиёд беморларга стационар муассасаларда ёрдам кўрсатилди. Хозирга вақтда РШТЁИМ 15 зиёд давлатлардаги 21 нафар муассаса ва ташкилот билан хамкорликни амалга фаол оширмоқда. Шошилинч тиббий хизмат тизимида амалга оширилган ислоҳотлар кўпгина кишиларнинг турли хасталиклар билан эрта вафот этишининг олдини олди. Диагностика ва даволаш жараёнига бир қатор инновацион усуллар ва ташкилий ечимлар тадбиқ қилинди. Хусусан, умуртқа поғонасини ностабил синишлари туфайли ўлим ва чуқур ногиронлик кўрсатгичлари 40-50 фоизни ташкил этар эди. Аммо Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг барча ҳудудлардаги филиалларида умуртқаларнинг ностабил синишларини хирургик даволашнинг замонавий транспедикуляр металлоконструкция билан мустаҳкамлаш усуллари тадбиқ қилинди. Бу эса юқоридаги кўрсаткичларнинг сезиларли даражада камайишига олиб келди. Бундан ташқари, илгари марказларда тос-сон бўғинини эндопротезлаш амалиётлари сон суяклари синишлари ўткир даврида ўтказилмас эди. Бугунги кунда тос-сон бўғинини эндопротезлаш амалиётлари иш жараёнига тадбиқ этилган.
Шунингдек, Марказий Осиёда биринчи бўлиб бош миянинг қон-томир нуқсонларини (аневризма, мальформациялар, Моя-Моя касаллиги) диагностика қилиш ва хирургик даволашнинг энг замонавий юқори технологик усуллари ҳамда юқори технологик кўп томирли аорто-коронар шунтлаш операцияси бажарилган бўлиб, уларнинг 98 фоиз ишлаб турган юракда бажариладиган бўлди.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йилнинг 11-12 ноябр кунларида бўлиб ўтган Ўзбекистон шошилинч тиббий ёрдам врачлар Ассоциацияси 5-Съезди хамда Евроосиё шошилинч тиббий ёрдам ҳамжамиятининг Биринчи Съезди 2000 дан зиёд хорижий ва ўзбекистонлик нуфузли иштирокчилари Ўзбекистон шошилинч тиббий ёрдам тизимининг 20-йиллик тажрибасини юқори баҳолади.
Ўз навбатда, туркиялик проф. Онур Яман сўзга чиқиб гувох бўлган икки томонлама мунособатларнинг юқори даражалигидан мамнунлигини билдирди. Туркияни умуртқа поғонаси жаррохлар хамжамияти бир қанча икки томонлама ва халқаро (Украина, Босния, Озарбайжон каби давлатлар билан) ихтисослашган илмий анжуманларни ўтказган бўлиб кейинги босқичларда илк Туркия-Ўзбекистон икки томонлама спинал жаррохлиги илмий анжуманинини ўтказиш таклифини киритди. Ушбу таклиф мамнуният билан қабул қилиниб, қисқа вақтда тегишли ташкилий чора-тадбирларни ўтказилишига қарор қилинди.
Туркиялик мутахассис ўз нутқини давом эттириб, ўзбекистонлик нейрожаррох ва травматологларга қатор лекциялар мобайнида ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Анжуман якунида долзарба саволларга жавоб берилди. Шу каби тадбирларни янада кўпайтириш қарори қабул қилинди.
РШТЁИМ матбуот хизмати


