Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган “Шошилинч ва тез тиббий ёрдам: кафолатли, ишончли ва сифатли хизмат” мавзусидаги матбуот анжумани ўз ишини бошлади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилмоқда.
Унда:
Улуғбек Сабиров, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари;
Даврон Туляганов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори;
Дониёр Алимов, РШТЁИМ директори;
Умидулла Рискиев, вазирлик Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси;
Фурқат Санаев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот котиби;
РШТЁИМ марказнинг вилоятлардаги филиаллари раҳбарлари;
тез тиббий ёрдам хизматининг пойтахт туманларидаги бўлим бошлиқлари иштирок этмоқда.
❗️Эслатиб ўтамиз, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) ва унга бириктирилган республика санитар авиацияси ҳамда Тошкент шаҳрининг “103” хизмати шошилинч тез ёрдам хизматининг бош муассасаси ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил қилинган Марказнинг 13 та филиалида махсуслаштирилган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг 179 та аҳоли пунктларида РШТЁИМнинг субфилиаллари – шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари фаолият олиб бормоқда. Санаб ўтилган стационарлардан ташқари, тизимга “103” — тез тиббий ёрдам хизмати, санитар авиацияси ва фавқулодда вазиятларда аҳолини тиббий таъминлаш хизмати ҳам бириктирилган.
РШТЁИМ — кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлиб, у шошилинч тиббий ёрдамнинг барча йўналишлари бўйича, шу жумладан, катталар ва болалар учун жарроҳлик, терапевтик, педиатрик, куйиш-токсикологик ҳамда фавқулодда ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатади.
3-4 йил орасидаги тиббиёт ходимларга нисбатан тажовузларни кузатганимизда, энг кўп бундай ҳолатлар шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати вакилларига бўлганини кўрамиз. Бунга сабаб нима?
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов жавоб берди:
— Шошилинч ва тез тиббий ёрдам ўз номи билан шошилинч бўлиб, соғлиғида муаммога учраган фуқаролар биринчи бўлиб, ушбу хизмат ходимлари билан дуч келишади ҳамда энг кўп мурожаатлар ҳам шу тизим ҳиссасига тўғри келади.
Демак, ўз яқинининг саломатлигидан ҳавотирга тушган инсонлар шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига нажот кўзи билан қарайди. Баъзида эса кеч мурожаат қилганлиги сабабли бемор ҳаётини сақлаб қолишга хизмат ходимлари ҳам ожиз бўлиб қолади.
Стресс ҳолатида бўлган ва, энг ачинарлиси, кўп ҳолатларда спиртли ичимлик ичган бемор яқинлари ўзини идора қила олмай қолади ва аслида айбсиз бўлган тиббиёт ходимларига тажовуз қилади.
Афсуски, бу ҳолатлар жамиятимизнинг иллатларидан биридир.
Аслида, юртимизда тиббиёт ходимларининг нуфузини ошириш, уларга муносиб касбий ва ҳаётий шароитларни яратишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шунга қарамасдан, аҳоли орасида тиббиёт ходимларига нописанд муносабатда бўлиш, ҳатто куч ишлатиш ҳолатлари учраб тургани ўта ачинарли ҳолдир. Охирги пайтларда тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, шифокорларнинг соғлиғига оғир зиён етказиш, таҳқирлаш ҳолатлари учраб тургани барчамизни ташвишга солмоқда.
Жумладан, 2019 йилда 79 та, 2020 йил давомида эса 42 та холатда тез тиббий ёрдам ходимларига нисбатан тажовуз қилинган, айниқса, ўтган йил бу ҳолат Андижон (9 та ҳолат) ва Фарғона (9 та ҳолат) вилоятларида кўпроқ кузатилган.
2021 йилнинг 5 ойида эса тез тиббий ёрдам ходимларига нисбатан тажовузлар 11 тани ташкил қилди. Тошкент шаҳар ва Фарғона вилоятида 3 тадан, Навоий вилоятида 2 та, Андижон, Наманган ва Жиззах вилоятларида 1 тадан ҳолатда қонунга зид ҳаракатлар содир этилганлиги кузатилган.
Афсуски, қайд этилган тажовузлардан фақат бир қисмидагина айбдорга нисбатан маъмурий ёки жиноий иш қўзғатилишигача боради, қўзғатилган иш судгача етиб бормайди. Кўриб турганингиздек, назаримизда айни ҳолат қонунчилигимизга жиддий ўзгартириш киритишни тақозо қилмоқда.
Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақда тегишли ваколатли органларга ўз таклифлари билан чиққан.


