Ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази болалар бўлимига ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалиниш ҳолатлари бўйича мурожаатлар сони ортгани, бемор болаларни шифохонага ётқизишда сансоларликка йўл қўйилаётгани танқид остига олинган видеомурожаат тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази қуйидагиларни маълум қилади.
Бугунги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази болалар қабул бўлимига ўткир респиратор вирусли инфекциялар бўйича кун давомида ўртача 200-300 нафар мурожат бўлиб, уларнинг қарийб 70 фоизини ЎРВИнинг амбулатор шароитида даволана оладиган бемор болалар ташкил этмоқда. Бу ҳолат эса ўз-ўзидан қабулхона шифокорларининг шошилинч ёрдамга муҳтож қолган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш сифатига салбий таъсир этмоқда.
Айтиш жоизки, мазкур шифохонага республика бўйича мурожат қилаётган беморларнинг сони қолган касалхоналарга нисбатан юқори бўлиб, аксарият мурожат этувчилар тез тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаса-да, бу ерда стационар шароитда ётиб даволанишни хоҳлайди.
Ваҳоланки, РШТЁИМ болалар бўлимида ЎРВИга чалинган беморлар асоратланмаган турлари учун жой ажратилмаган. Агар тиббий кўрув вақтида ЎРВИ фонида кузатилаётган талваса, энцефалитик реакция, инфекцион-токсик энцефолопатия, ДВС синдром ва юқори гипертермия аниқланса, бундай беморлар марказга госпитализация қилинади. Улар учун эса 20 та ўрин-жой ажратилган.
Юқоридаги видеомурожаат йўллаган блогернинг бемор фарзандига ҳам белгиланган стандартлар бўйича биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, боланинг ҳаётига хавф туғдирувчи асоратлар бўлмаганлиги сабабли режали даволаш учун керакли муассасага юборилган.
Республика шошилинч
тиббий ёрдам илмий маркази
Ахборот хизмати.


