Ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) болалар бўлимида шифокор қабулига узундан-узоқ навбат юзага келгани, бемор болаларни шифохонага ётқизишда сансоларликка йўл қўйилаётгани, муассасада карантин қоидаларига мутлақо амал қилинмаётгани танқид остига олинган видеолавҳа тарқалди.
Маълум бўлишича, 2021 йил 8 ноябрь куни тунги соат 22:15да Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази педиатрия мажмуаси қабул бўлимига бир гуруҳ фуқаролар видеокамералар билан келиб, қабул бўлими ва педиатр кўрик хоналарини тасвирга ола бошлаган.
Навбатчи шифокор Х.Анваров улар билан учрашиб, суҳбатлашганида ўзларини “Тафтиш” ахборот агентлиги ходимлари сифатида таништирган. Улардан тиббиёт муассасасини нима мақсадда тасвирга олаётгани сўралганида фуқаро мурожаати бўйича келганликларини маълум қилган. Бироқ кейинчалик уларнинг ташрифига ушбу агентлик ходимининг таниши бўлган фуқаронинг ёш қизи РШТЁИМга даволаниш учун ётқизилмагани ва шунга олиб келинган сабабларни ўрганиш бўлгани аниқланган.
Маълум бўлишича, 2021 йил 8 ноябрь куни соат 19:40да РШТЁИМнинг болалар қабул бўлимига юқоридаги агентлик ходимининг таниши бўлган фуқаронинг 8 ойлик фарзанди ота-онаси томонидан олиб келинган. Шундан сўнг бемор дарҳол навбатчи педиатр Х.Аҳмаджонова томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган.
Кўрик давомида беморда қуруқ йўтал, вақти-вақти билан безовталик, ҳолсизлик, ўпкада қуруқ хириллаш борлиги аниқланган ва шу сабабли унга “Хроник бронхит авж олиши” ташхиси қўйилган ҳамда Тошкент шаҳар 5-сонли шифохонасига даволаниш учун йўлланма берилган.
Бемор ота-онасининг сўзларига кўра, улар 5-шаҳар шифохонасига мурожаат қилганида бўш ўрин йўқлиги сабабли ётқизилишга рад этилган ва шу сабабли улар РШТЁИМга қайта мурожаат қилган. Шундан кейин бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокорлари томонидан қайта тиббий кўрикдан ўтказилган ва юқорида белгиланган ташхис тасдиқланган. Бироқ бемор истисно тариқасида РШТЁИМ 1-педиатрия бўлимига госпитализация қилинган. (Касаллик тарихи №39288).
Шу ўринда ота-оналардан куз-қиш мавсумида фарзандлари саломатлигига янада эътиборли бўлишларини, иситма, бурун оқиши, томоқ оғриғи, бош оғриғи каби ўткир респиратор вирусли инфекциялар белгилари кузатилганда болаларни мактаб ёки боғчага юбормасликларини, аксинча яшаш ҳудудидаги оилавий шифокор пункти ҳамда оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишларини сўраймиз.
Республика шошилинч
тиббий ёрдам илмий маркази
Ахборот хизмати.


