Самарқандда эртага ўтказилиши режалаштирилган “Шошилинч тез тиббий ёрдамнинг долзарб муаммолари: шошилинч тиббий ёрдамда минимал инвазив технологияларнинг ўрни ва аҳамияти” мавзуидаги XVI халқаро илмий-амалий анжуман доирасида маҳаллий ҳамда озарбайжонлик бир гуруҳ шифокорлар Каттақўрғон шаҳрида бўлишди.
Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи арафасида Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига баҳоси 600 минг АҚШ долларига тенг бўлган лапороскопия аппарати берилган эди. Эндиликда нафақат каттақўрғонликлар, балки шу атроф ҳудуддаги туманлар аҳолиси ҳам вилоят марказига боришига ҳожат йўқ. Ҳозирда шу ернинг ўзида лапороскопия усулидаги жарроҳлик амалиётлари амалга оширилмоқда.
Хориж ҳамда республикадан ташриф буюрган мутахассислар икки кун давомида Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг жарроҳлик бўлимида даволанаётган беморларни кўрикдан ўтказишди. Уларнинг даволаниш жараёнлари, операциядан кейинги ҳолати бўйича хорижлик мутахассислар ўз фикр, таклифларини билдиришди.
— Тизимда ҳар йили 220 мингдан зиёд стационар жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, шундан 50 фоиздан ортиғи юқори технологияли операциялар ҳисобланади, — дейди Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази раҳбари ўринбосари Шуҳрат Атажанов. — Марказимиз ҳамда унинг филиалларида ҳар йили ишемик ва гаморрагик қон айланишининг ўткир касалликлари, қорин ва кўкрак бўшлиғи соҳасидаги патологиялар учун замонавий минимал инвазив аралашувлар амалга оширилади. Алоҳида таъкидлаш керакки, марказда Марказий Осиёда биринчи марта замонавий технологиялар ёрдамида шу пайтгача амалга оширилмаган мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказиб келинмоқда. Бу масалада марказ мутахассисларининг Россия, Финляндия, Туркия, Япония ва Руминия каби давлатларнинг тиббиёт муассасаларида ўқитилиши таъминланмоқда, хорижлик клиникалар билан ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилмоқда, хорижлик мутахассислар иштирокида анжуман ва маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Ташриф давомида озарбайжонлик шифокорлар томонидан лапароскопия ёрдамида бир нечта беморларда жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, каттақўрғонлик жарроҳлар учун маҳорат дарслари ўтказилди.
— Пойтахт, яъни мамлакат марказидан бир неча юз километр узоқликдаги чекка ҳудудда бу каби юксак технологияли асбобнинг мавжудлигини Ўзбекистонда тиббиётга алоҳида эътибор қаратиши ифодаси, аҳолига улкан ғамхўрлик кўрсатилаётгани намунаси, деб биламан, — дейди Боку миллий жарроҳлик маркази раҳбари, профессор Гурбонхон Муслюмов. — Бутун дунё тажрибасидан маълумки, шошилинч тез тиббий ёрдам тизимида юқори технологияларни амалиётга татбиқ этиш мураккаб масала. Бемор турли даражадаги оғриқ, жароҳатлар билан келгач, унга шошилинч ёрдам кўрсатилиши лозим. Бундай вазиятда беморга юқори технологияли ускуналарда ёрдам кўрсатиш шифокордан тажриба, маҳорат ҳам талаб этади.
Бугун Ўзбекистонда ушбу амалиёт татбиқ этила бошланган. Бунинг учун шароитлар ҳам, шифокорларнинг тажрибаси ҳам етарли эканлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Қолаверса, бир пайтлар европаликлар Абу Али ибн Синодан тиббиёт сирларини ўрганиш учун келган юртда бу тажрибани тиклаш учун барча имкон мавжуд, деб ўйлайман.
Шунингдек, ушбу мутахассислар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида ҳам беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, лапароскопия ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиётларини амалга оширишди.
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.


