1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида байрам тадбири ўтказилди.
Унда марказнинг болалар бўлимида даволанаётган бемор болажонларга эртак ва мультфильм қаҳрамонлари иштирокида байрам дастури намойиш этилди. Ижро этилган куй-қўшиқлар, ранг-баранг чиқишлар, ақлни чархловчи турли ўйинлар тадбирга янада жўшқинлик бағишлади.
Шунингдек, тадбир сўнггида болажонларга байрам совғалари ва ширинликлар ҳам улашилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази болалар мажмуасида 100 нафарга яқин шифокорлар томонидан 2 ойликдан 18 ёшгача бўлган беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади. Мазкур бўлим 220 ўринга мўлжалланган бўлиб, шунинг 12 таси реанимацион койка ҳисобланади.
Бугунги кунда бу ерда шошилинч тиббий хизматга муҳтож беморлар, хусусан, нафас йўллари, юрак ва буйрак оғир жароҳатлари ҳамда бахтсиз ҳодиса натижасида келиб чиқадиган турли оғир жароҳатларли болаларга тиббий ёрдам кўрсатилади.
Марказда, шунингдек, краниосеребрал ва скелет жароҳатлари, қорин ва кўкрак қафаси касалликларида юқори технологияли ва кам инвазив усуллар орқали мураккаб операциялар ўтказилади.
Айни пайтда мазкур марказнинг болалар мажмуасида 207 нафар бола даволанмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


