Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказ Сирдарё филиали 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, 17 та бўлимдан иборат вилоятдаги энг катта тиббиёт муассасаларидан бири ҳисобланади. Бир йил давомида 15 мингдан ортиқ беморларга стационар, 40 мингга яқин беморларга эса амбулатор ёрдам кўрсатилиб, 4 мингга яқин хирургик операциялар бажарилади.
Лапароскопия, эндоскопик жарроҳлик амалиётлари соҳа ишини янги босқичга олиб чиқиш сари қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлмоқда.
Мазкур муассаса биноси 2019-2021 йилги инвестиция дастурига туширилди. Реконструкция ишлари учун 21 миллиард сўм бюджет маблағи ажратилди. Ва натижада реконструкция қилиш ишлари икки босқичда амалга оширилди.
Биринчи босқич ишлари учун, ўтган 2019 йилда 9 миллиард сўм маблағ ажратилди. Вилоятдаги Дилмурод Сайидазимов раҳбарлигидаги “Шоҳрух Демербек” масъулияти чекланган жамият қурувчилари белгиланган муддатдан биринчи босқич ишларини якунлади. 140 ўринга мўлжалланган маъмурият ва ички дорихона бўлимлари, 15 ўринли шошилинч гинекология бўлими, 25 ўринли 1-шошилинч хирургия бўлими, 25 ўринли 2-шошилинч хирургия бўлими, 30 ўринли шошилинч терапия бўлими, 25 ўринли шошилинч педиатрия бўлими, 20 ўринли шошилинч педиатрия бўлими реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилганди.
Иккинчи босқич учун 11 миллиард сўмдан зиёдроқ маблағ йўналтирилди. Ушбу юмушларни мазкур қурилиш ташкилоти қурувчилари бажаришди. Беморлар ва тиббиёт ходимлари учун ҳар томонлама қулай ва шинам шароитлар яратилди.
Қабул-диагностика ва клиник диагностика бўлимлари, 15 ўринли шошилинч травматология бўлими, 15 ўринли шошилинч нейрохирургия бўлими, 20 ўринли шошилинч болалар хирургияси бўлими, 10 ўринли токсикология ва гемодиализ бўлимлари, 9 ўринли терапевтик реанимация бўлими, 6 ўринли болалар реанимация бўлими, 9 ўринли хирургик анестезиология ва реанимация бўлимларини реконструкция қилиш ишлари якунланиб, куни кеча фойдаланишга топширди.
Мазкур тадбирда кенг жамоатчилик, соҳа ходимлари, нуронийлар, ҳуқуқ тартибот идоралари, вилоят ҳокимлиги вакиллари қатнашиб, ушбу муассасанинг аҳоли саломатлигини сақлашдаги жиҳатларини, тезкорликларини алоҳида эътироф этишди.
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
Ахборот хизмати


