Шошилинч тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ва маҳаллий мутахассисларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг шифокорлари К.Махкамов, А.Тохиров, Ш.Бойменов ва Ф.Юсупова мазкур марказнинг Нукус филиалида бўлишди.
Мутахассислар филиалда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ва бу ерда даволанаётган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, бир қатор жарроҳлик операцияларни амалга оширди.
Жарроҳлик амалиётлар давомида маҳаллий шифокорларга маҳорат дарслари ташкил этилди.
Шунингдек, филиалда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва нейрохирургиянинг муҳим масалалари юзасидан суҳбатлар бўлиб ўтди. Бу эса ўз навбатида мазкур соҳа бўйича ҳамкорлик тадбирларини янада узлуксиз давом эттиришда асос бўлиши шубҳасиз.
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати.


