Аввал хабар берганимиздек, юртимизда Европанинг нуфузли Роберт Кох институти ҳамда Шарите клиникаси вакилларидан иборат Германия делегацияси бўлиб турибди.
Ташриф давомида Шарите университет клиникаси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ноёб телемедицина ускунасини топширди.
— Уни яратиш бўйича ишлар Шарите клиникаси мутахассислари томонидан 2017 йилдан бери амалга оширилмоқда, — дея гапириб берди ушбу муассаса директори ўринбосари Йохим Зайболд. — Пандемия шароитида, инсон омилисиз, беморларни масофадан туриб ташхислаш имконини берувчи ушбу роботларни яратиш долзарблашди ва бу жараённи тезлаштириб юборди. Натижада, ноёб телемедицина роботлари орқали Германиянинг турли ҳудудларидаги 34 та тиббиёт муассасасини бирлаштира олдик, яъни мутахассислар онлайн тарзда тажриба алмашиш имконига эга бўлишди.
Ҳозир Германияда ушбу технология ёрдамида транспортировка қилиб бўлмайдиган оғир беморларнинг 90 фоизининг ҳолати жойида таҳлил қилиниб, мутахассислар томонидан тўғри даво чоралари кўрилишига эришилди. Германияда бу лойиҳа ўзини тўлиқ оқлагач, уни халқаро даражага олиб чиқишга қарор қилинди ва биринчи мамлакат сифатида Ўзбекистон танлаб олинди.
Кутилаётган натижа — турли мамлакат тиббиёт ходимлари орасидаги ҳудудий чегарани йўқ қилиш орқали улар ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш ва ягона мақсад — бемор ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолишга эришишдир.
— Бундан аввал чет эл мутахассислари билан видеоконференцалоқа орқали боғланиб, беморнинг таҳлил натижаларини тақдим этардик ва бизнинг сўзларимиздан уларда бемор тўғрисида тасаввур пайдо бўларди, — деди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов. — Энди эса бу робот орқали чет эллик ҳамкасбларимиз ўзлари беморни кўздан кечириб, унинг ташқи кўриниши: кўз қорачиғи ҳолати, қон босими, пульси, териси ва тилининг рангидан тортиб, барча мураккаб кўрсаткичларни масофадан туриб тўғри баҳолаб, даволаш учун ўз маслаҳатларини беради. Бу эса аҳволи ўта оғир, реанимацион, кўчириб ўтказиш хавфли бўлган беморлар учун қимматли бўлган вақтни тежаш имконини ҳам беради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


