Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, фуқароларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатланишини таъминлаш, фуқароларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг барча қатламларини тиббий хизматдан фойдаланиши учун шароит яратиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштиришга оид Давлат раҳбарининг қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази томонидан филиалларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда. Навбатдаги “Маҳорат дарслари” Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Интервенцион кардиология бўйича бош маслаҳатчиси, марказнинг “Ангиография” бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди-катта илмий ходим Шухрат Салахитдинов томонидан амалга оширилди.
2022 йил 19 февраль РШТЁИМ Бухоро филиалида “Ангиография- Рентгенэндоваскуляр хирургиянинг долзарб муаммолари” мавзусида маҳорат дарси ўтказилиб, унда 30 нафардан ортиқ мутахассис врачлар иштирок этдилар. Бундан ташқари Шухрат Салахитдинов томонидан филиалда беморлар кўруви ташкиллаштирилиб, 1-2-шошилинч хирургия, шошилинч кардиология ва кардиотерапия ҳамда нейрореанимация бўлимларида даволанаётган 18 нафар беморларга тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилди. Шунингдек, 7 нафар беморга замонавий кам инвазив интервенцион муолажалар ўтказилди.
“Атриовентрикуляр блокада III-даражаси” ташҳиси билан даволанаётган 2 нафар беморга доимий электрокардиостимуляторлар ўрнатилди. “Юрак ишемик касаллиги, инфаркт миокард” ташҳиси билан даволанаётган 3 нафар беморга коронароангиография, “Ўсма этиологияли механик сариқлик билан” даволанаётган 1 нафар беморга тери ва жигар орқали холангиостомия амалиёти ўтказилиб, “Бачадон миомаси, бачадондан қон кетиш асорати” билан даволанаётган 1 нафар оғир аҳволдаги беморга бачадон артериялари эмболизацияси операцияси бажарилди.
Амалиёт ўтказилган барча беморларнинг аҳволи яхшиланиб, операциядан кейинги назорат ва даво муолажалари олиб борилмоқда.
РШТЁИМ Бухоро филиали Ахборот хизмати


