Кўпинча турли хасталик ёки ташқи омиллар сабаб қонимиз таркиби керагидан ортиқ қуюқлашиб, томирларда қон айланишининг бузилиши ва тромбозлар ҳосил бўлади. Бу эса ўз навбатида инсульт ва инфаркт каби оғир хасталикларни келтириб чиқариши мумкин.
Мутахассислар фикрича, ушбу муаммонинг энг оддий ва самарали давоси донор бўлишдир.
Аввал хабар қилганимиздек, куни кеча мамлакатимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” хайрия акциясига старт берилган эди.
Қувонарлиси, бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ходимлари ҳам ушбу эзгу ишга бош қўшиб, беғараз донор сифатида қон топширди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда РШТЁИМнинг мамлакатимиз бўйича 13 та филиали, 180 та субфилиали бўлиб, уларда жами 70 минг нафардан ортиқ ходим фаолият юритади. Режага мувофиқ, ушбу донорлик акцияси тизимдаги барча тиббиёт муассасаларида ўтказилиши, унда соҳада меҳнат қилаётган шифокор ва ҳамшираларнинг кўнгилли равишда иштирок этиши мақсад қилинган.
— Шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб келинадиган аксарият беморларнинг аҳволи оғир бўлгани сабабли, кўпинча уларга қон қуйиш зарурати юзага келади, — дейди РШТЁИМ директори Дониёр Алимов. — Маълумот учун айтсак, 2021 йил тизимда 200 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлиб, шундан 12,5 мингтаси республика марказининг ўзида бажарилган.
Ўйлайманки, бошланган ушбу хайрли акция шошилинч тез тиббий ёрдам муассасаларини зарур қон препаратлари билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Эртадан Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошлаган эзгу ташаббусни бошқа вазирлик ва давлат идоралари ҳам давом эттириши кутилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


