Маълумотларга қараганда, юртимизда 3000 нафардaн oртиқ бeмoр дaстурий гeмoдиaлизгa муҳтoж. Сурункaли буйрaк eтишмoвчилигининг сўнгги бoсқичидa бўлгaн ҳaр бир бeмoр ҳaфтaсигa кaмидa 2 мaртa гeмoдиaлиз сeaнсини oлaди.
Бундaй бeмoрлaрни дaвoлaшнинг самарали усулларидан бири бу — буйрaк трaнсплaнтaцияси амалиёти ҳисобланади.
Президентимиз ташаббуси ва бевосита топшириғи билан юртимиз тиббиёти тарихида илк бор органлар трансплантацияси бўйича замонавий операцияларни амалга ошириш бошланган бўлиб, ҳозирда соҳа фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Куни кеча Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалида тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Хаджибаев бошчилигидаги РШТЁИМнинг бир гуруҳ ходимлари томонидан бемор Б.Н.га буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди.
Асли хоразмлик бемор 1974 йилда туғилган бўлиб, 25 ёшли қизи М.М. унга ўз буйрагини беришга розилик билдирган.
Бугун айни шу сонияларда эса 1962 йилда туғилган Б.Р.дан 1992 йилда туғилган қизи З.Р.га буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилмоқда.
Ота сурункали буйрак касаллигининг бешинчи (охирги) даражаси билан оғриган ва 2014 йилдан бери доимий тарзда дастурий гемодиализ муолажаларини олиб келаётган қизининг ҳаёт тарзини енгиллатишга қарор қилди.
У ҳаёти “сунъий буйрак” аппаратидаги муолажаларга боғлиқ бўлиб қолган қизининг саломатлиги жарроҳлик амалиётидан сўнг анча яхшиланишини ўйлаб, ич-ичидан қувонмоқда.
— Буйрак етишмовчилигининг ривожланганлик даражаси беш босқичга бўлинади, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод ХАДЖИБАЕВ. — Хасталик бешинчи даража — терминал босқичгача етган бўлса, яъни буйрак фаолияти кескин пасайиб кетиб, организм талабларига тўлиқ жавоб бера олмай қолса ва жарроҳлик амалиётини ўтказишга монелик қилувчи омиллар бўлмаса, буйрак трансплантациясини амалга ошириш зарур.
Умуман олганда, сурункали буйрак етишмовчилигининг терминал босқичида беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун буйракнинг ўрнини босувчи терапияси амалга оширилади. Бу терапия гемодиализ, перитонеал диализ ва буйрак трансплантациясини ўз ичига олади.
Буйрак трансплантациясининг қолган иккита муолажадан афзаллиги шундаки, беморнинг умр кўриш давомийлиги 1,5-2 баробарга ошади.
Гемодиализда бемор “сунъий буйрак” аппаратига боғлиқ бўлиб қолади, ҳаракатланиши чекланади, ҳаёт сифатлари бузилади.
Бундан ташқари, гемодиализ муолажаси анча қиммат процедура ҳисобланиб, дори-дармонлари, диализатор аппаратларига сарфланадиган харажатлардан кўра, буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бир неча баробар арзонроқ ҳам бўлади.
❗️Маълумот учун: хорижий клиникалар ютуқлари синчковлик билан ўрганилгач, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги 859-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида РШТЁИМда 2018 йили “Хирургик трансплантология” бўлими ташкил этилган эди.
Марказ ходимлари 2018 йилнинг 7 апрелида туркиялик ҳамкасблари билан биргаликда биринчи буйрак трансплантацияси амалиётини бажарган.
Ҳозирда бундай жарроҳлик амалиётлари илмий марказнинг ёш истеъдодли жарроҳлари томонидан амалга ошириб келинмоқда ва шу кунга қадар 150 нафардан ортиқ беморда тирик қариндошлар орасида буйрак трансплантацияси муваффақиятли бажарилди.
Ҳозирда РШТЁИМ ходимлари жойларга чиқиб, ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиётларини бажариши эса беморларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда.
Мақсад — чекка ҳудудлар аҳолисини ортиқча оворагарчиликларсиз яшаш жойини ўзида малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.
Айтиш лозимки, мамлакатимизда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириш амалиётини бажаришга рухсат берилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.