РШТЁИМ БИНОЛАРИНИНГ СОВУҚ ЭКАНИ
ҲАҚИДАГИ ВИДЕОМУРОЖААТ ЮЗАСИДАН МУНОСАБАТ
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) шифохонасига келган бемор хоналарнинг совуқ эканидан шикоят қилиб, ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат йўллаган.
Мазкур ҳолат Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази томонидан ўрганилиб, қуйидагилар маълум қилинади.
Бугунги кунда РШТЁИМ биноларининг иситиш тизими тўлиқ марказлаштирилган бўлиб, Тошкент шаҳар “Тошиссиққуввати” томонидан амалга оширилади. Қолаверса, илмий марказда “РШТЁИМ”ни 2021-2022 йиллар кузги-қишги мавсумга тайёрлаш тўғрисида” буйруқ чикарилган ва бу бўйича тегишли масъуллар белгиланган.
Марказнинг барча даволовчи ва ёрдамчи биноларининг иситиш тармоғи текширилиб, ювиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ олиб борилган. Шу билан бирга, илмий марказнинг деразаларига пластик ромлар ўрнатилган бўлиб, биноларнинг 31 та кириш-чиқиш эшиклари тўлиқ ёпилади.
Ҳозирги вақтда илмий марказда беморлар учун 27 та бўлимда 680 та ўрин-жой (койка) ташкил қилинган ва қўшимча 80 та жонлантириш (реанимацион) ўрни мавжуд. Беморлар даволанаётган биноларда иссиқлик тизимининг тўлиқ ишлаши бўйича раҳбариятга ҳар куни 2 марта тезкор маълумот берилади. Ҳозирда муассасанинг беморлар ётган палаталарида иссиқлик ҳарорати +24-26 Сни ташкил қилмоқда.
Республика шошилинч
тиббий ёрдам илмий маркази
Ахборот хизмати


