Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг нейрохирургия ва қўшма жароҳатлар бўлими ҳодимлари 20 йил мобайнида узлуксиз равишда АҚШ, Англия, Германия, Финляндия, Япония ва Россия нейрохирургия мактабларида ўз малака, билим ва тажрибаларини узоқ муддатли курсларда ошириб келиб, нафақат мамлакатимизда, балки Ўрта Осиё миқёсида ҳам энг мураккаб ва ноёб нейрохирургик амалиётларни юқори, дунё стандартлари даражасида амалга ошириб келмоқда. 20 йил ичида 70 000 дан ортиқ бош мия жароҳатлари билан оғриган беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган ва шунингдек, йилига фақатгина каминвазив нейрохирургик жарроҳлик амалиёти 1000 га яқин бажарилади. Шу билан бир қаторда йилига 100 дан ортиқ бош мия босими мониторингини қўллаш усули, оғир бош мия жароҳатларида 80 дан ортиқ микронейрохирургик цистернотомия жарроҳлик услуби, 200 дан ортиқ умуртқа поғонаси жароҳатлари ва диск чурраларида каминвазив микронейрохирургик жарроҳлик амалиётлари, 200 дан ортиқ бош мия артериал аневризмалари, ҳамда артериовеноз мальформацияларининг микронейрохирургик ва эндоваскуляр жарроҳлик услублари, бош мия геморрагик инсультларида 190 ортиқ каминвазив, яъни эндоскопик ва микроскопик жарроҳлик услублари, бош мия асоси ўсмаларида 200 дан ортиқ транссфеноидал услуб асосида микронейрохирург жаррохлик муолажалари, бош мия ишемик инсульт ҳасталигига олиб келувчи «Мойя-Мойя» касаллигида 12 тадан ортиқ микронейрохирургик реваскуляризация, яъни қон-томир «Bypass» жарроҳлик амалиёти, 100 дан ортиқ эрта кўкрак ёшдаги болалар бош мия нотравматик қон қуйилишларида каминвазив жарроҳлик услублари амалга оширилмоқда. Ҳозирда ушбу йўналишларни Республикамиз миқёсида амалиётга тадбиқ этишда бўлим ҳодимлари ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда ва бир қанча юқори малакали мутахасисларни тайёрлашда фаол фаолият кўрсатишмоқда. Мазкур жарроҳлик амалиётлари барча замонавий халқаро талабларга жавоб берадиган, юқори технологиялик ускуналарни, яъни OPMI Pentero 900 ва OPMI Vario S88 операцион микроскопларни, Aesculap, Takayama, Mizuho, Codman, Mayfield ва KLS-Martin микроинструментларини, Codman ва Spiegelberg бош мия босими мониторинги ускуналарини қўллаган ҳолда амалга оширилмоқда.
2004 йилдан бошлаб ҳар йили 30 га яқин курсантлар Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг шошилинч тиббиёт кафедраси қошидаги шошилинч нейрохирургия курсида малакалари ва тажрибаларини мунтазам равишда оширишади. Бундан ташқари, икки йиллик клиник ординаторлар курслари ва бир йиллик иш ўрнида малака ошириш курслари ҳам ўтилади. Шунингдек Республикамиз вилоятларида махорат дарслари ва маърузалар орқали тажриба ва малака ошириш услублари ҳам йўлга қўйилган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази қошида, ҳамда ушбу марказнинг илмий ва амалий салоҳиятидан фойдаланган ҳолда ҳар йили дунёдаги таниқли нейрохирурглар билан биргаликда ноёб ва мураккаб нейрохирургик жарроҳлик амалиётлари амалга оширилмоқда ва ушбу янги услублар Республика миқёсида жойрий этилмоқда. Жумладан, профессор А.В. Басков (Россия) билан ҳамкорликда Ўрта Осиёда биринчилар қаторида умуртқа поғонаси жароҳатларида каминвазив стабилизация жарроҳлик услублари, академик В.В. Крылов (Россия) билан ҳамкорликда бош мия жароҳатларида каминвазив жарроҳлик услублари, профессор Juha Hernesniemi (Финляндия) ва профессор В.А. Лазеров (Россия) билан ҳамкорликда бош мия қон-томир артериал аневризмаларида жарроҳлик услублари, профессор Yoko Kato ва профессор Katsumi Takizawa (Япония) билан ҳамкорликда бош мия қон-томир артериовеноз малформацияларида жарроҳлик услублари, академик А.А. Потапов ва профессор Д.И. Питцхелаури (Россия) билан ҳамкорлидка бош мия жароҳатлари ва бош мия қон айланишининг ўткир бузилишларида янги технологик каминвазив жарроҳлик услублари, ҳамда профессор Michael Powell (Англия) билан ҳамкорликда ўткир қон қуйилиши билан кечувчи бош мия асоси ўсмаларида калла асоси жарроҳлиги услублари бўйича доимий равишда Республикамиз нейрохирургларини жалб этган ҳолда малака ошириш маҳорат дарслари мунтазам ўтказилиб келинмоқда.


