Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5198- сонли қарорида белгиланган вазифаларини бажариш юзасидан ишлар изчил амалга оширилмоқда. Филиалда фаолият кўрсатаётган шифокорлар мураккаб вазиятларда пойтахт тиббиёт муассасалари соҳанинг тегишли йўналишларида етакчи ҳисобланган мутахасислари билан тажриба алмашиб, беморларни текшириш ва даволаш ишларини маслаҳатлашган ҳолда олиб боришмоқда.
Авваллари етакчи мутахасислар чақирув асосида санитар авиацияси йўналиши билан пойтахтдан келиб кетишган бўлса, ҳозирги кунда телемедицина ёрдамида, яъни замонавий алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда бемор тўғрисида батафсил маълумот ва мутахасислар маслаҳати олинмоқда. Бунда нафақат бюджет маблағлари тежалиши таъминланмоқда, балки ҳар бир дақиқа олтинга тенг бўлган вақт беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши билан аҳамиятлидир.
Жумладан; яқинда “Бош мияда қон айланишининг ишемик типда ўткир бузилиши” ташҳиси билан филиалнинг нейрореанимация бўлимида оғир ҳолда ётиб даволанаётган бемор тўғрисида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази етакчи мутахасислари билан онлайн видеоконференц алоқа орқали мулоқот қилинди. Онлайн видео мулоқот Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази неврология бўлими катта илмий ходими тиббиёт фанлари номзоди Муҳаммадшокир Бахадирханов, кардиотерапевтик реанимация бўлими мудири тиббиёт фанлари номзоди Акмал Қойиров, нейрореанимация бўлими мудири Хуршид Дадаевлар билан ўтказилди.
Мутахассислар томонидан беморнинг ташҳиси ҳамда объектив, субъектив тиббий маълумотлар бўйича ахборот бериш ва фикр алмашиш орқали, тегишли тавсия ва маслаҳатлар олиниб, даволаш ишлари амалга оширилди. Бемор соғлигида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
РШТЁИМ Бухоро филиали Ахборот хизмати


