Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган “Саломатлик кунлари” ижтимоий акцияси доирасида “Инсон қадри учун” шиори остида соғломлаштириш ҳафталиги шаҳар ва туманларда давом этмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбари Даврон Бахтиёрович Тўлаганов бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар навбатдаги амалий-услубий ёрдам кўрсатиш ишларини Вобкент туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказига ташриф буюриш орқали амалга оширдилар.
Гуруҳ аъзолари ушбу марказда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-5198-сон қарори ижросини бажариш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Марказда даволанаётган беморлар кўрилиб, касаллик тарихларини ўрганиш орқали тиббий ёрдам диагностикаси ва даволаш стандартларига риоя қилиш тартиблари, аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги ўрганилди. Аниқланган айрим ҳолатлар бўйича тегишли тавсиялар бериш орқали уни бартараф қилиш борасида консультациялар ўтказилиб, мутахассисларнинг тажриба орттиришига кўмаклашилди.
Вобкент туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари бўлган беморлар учун эрта реабилитация ва эрта иккиламчи профилактика ишларини олиб бориш борасида марказнинг вазифалари тўғрисида тушунтиришлар берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизнинг энг етакчи жарроҳ мутахассислари беморлар ҳузурига ўзлари бориб, уларни бепул операциясини амалга ошираётганлиги тўғрисида айтиб ўтилди.
Бундан ташқари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва филиалнинг педиатр, кардиолог, жарроҳ, гинеколог ва бошқа бир қатор соҳа вакилларидан иборат бир гуруҳ мутахассислари томонидан Вобкент туманида яшовчи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳисобида турадиган фуқаролар, кам таъминланган оила аъзолари ва ижтимоий муҳофазага мансуб беморларнинг 40 нафаридан ортиқроғи тиббий кўриклардан ўтказилиб, 20 нафар саралаб олинган беморларга юқори технологик оператив амалиётлар бажарилди. Шу билан бирга юрак ўтказувчанлиги бузилган беморларга электрокардиостимуляторлар ўрнатилиб, 10 нафар беморга каминвазив манипуляциялар амалга оширилди.
Бу эзгу ташаббус оғир хасталиклардан азият чекаётган, бироқ марказдан узоқда жойлашган ҳудудларда яшовчи беморларни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имконини бермоқда. Шунингдек, пойтахтдаги ихтисослашган тиббиёт марказларида муолажа олишга маблағ ва имкон тополмаётган беморлар узоғини яқин, мушкулини осон қилишда хизмат қилмоқда.
РШТЁИМ Бухоро филиали Ахборот хизмати


